10 март куни АҚШнинг Остин шаҳрида “Челленжер” туркумига кирувчи WТА 125 турнири бошланди. Унда Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Камилла Раҳимова ҳам иштирок этмоқда.
Турнирнинг дастлабки босқичида Раҳимова нидерландиялик Сузан Ламенсга қарши кортга чиқди. 2 соат 31 дақиқа давом этган уч сетлик баҳсда ўзбекистонлик теннисчи 5/7, 6/1, 6/4 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашув давомида Раҳимова 1 та эйс зарбасини амалга оширган бўлса, Ламенс ҳисобида 2 та эйс ва 11 та қўшхато қайд этилди. Ҳозирда Раҳимова WТА рейтингида 88-ўринни эгаллаб турибди, 26 ёшли Ламенс эса 113-поғонадан жой олган.
Ўзбекистонлик теннисчининг 1/8 финалдаги рақиби 10 март куни аниқланиши кутилмоқда. Аввалроқ Раҳимова АҚШнинг Индиан Wеллс Опен турнирида дунёнинг тўртинчи ракеткаси Cоcо Гауффга қарши кортга чиққанди.






