Россия Озарбайжонга ҳеч қачон таҳдид қилмаган ва таҳдид ҳам қилмайди. Бу ҳақда Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков баёнот берди.
Песковнинг таъкидлашича, расмий Москва ва Боку ўртасидаги муносабатларга путур етказишга уриниш ортида Украина ҳукумати турибди.
“Россия Озарбайжонга таҳдид қилгани йўқ. Екатеринбургда ўтказилган тергов ҳаракатлари Озарбайжон фуқароларига нисбатан жиноятларни очишга қаратилган. Аммо Киев режими бу вазиятдан сиёсий мақсадларда фойдаланишга уринмоқда”, – дейди Песков.
Шунингдек, у Россияда ҳибсга олинган Озарбайжон фуқароларининг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини маълум қилди.
Нега таранглик юзага келди?
Маълумотларга кўра, июнь охирида Россиянинг Екатеринбург шаҳрида 2020 йилдаги қотиллик иши доирасида озарбайжонлик фуқаролар ушланган. Рейд чоғида икки ака-ука — Сафаровлар ҳалок бўлган, яна беш киши эса ҳибсга олинган. Улар қотилликда гумон қилинмоқда.
Бундан ташқари, Озарбайжон диаспораси раҳбари Шахин Шихлинский қисқа муддатда ҳибсга олиниб, сўроқдан сўнг қўйиб юборилган. Таниқли тадбиркор Юсуф Халилов ҳам ушланган шахслар орасида.