АҚШ Олий суди Бостондаги суднинг депортацияни тўхтатиб туриш ҳақидаги қарорини бекор қилди. Энди мамлакатда ноқонуний яшаётган минглаб мигрантлар учинчи давлатларга чиқариб юборилиши мумкин.
“Самолётларни ишга туширинг!” — дея баёнот берди АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги. Улар бу қарорни “америкаликлар хавфсизлиги йўлида қозонилган муҳим ғалаба” сифатида баҳолади.
Эндиликда АҚШ расмийлари ҳужжатсиз иммигрантларни, уларни қабул қилишга тайёр бўлган ҳар қандай давлатга депортация қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ноқонуний иммиграцияга қарши кураш президент Дональд Трампнинг сайловолди ваъдаларидан бири эди.
“The Washington Post” хабарига кўра, Трамп АҚШдан 1 миллион мигрантни чиқариб юборишни режалаштирган.
Аммо бу сиёсатга қарши АҚШ бўйлаб минглаб одамлар норозилик билдириб, кўчаларга чиқди. Улар инсонийлик ва адолат талаб қилишмоқда.