Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси тезкор қидирув хизмати уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ҳамда Олтинкўл тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан фуқаронинг аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбирда товламачилик билан боғлиқ яна бир жиноят фош этилди. Бу ҳақда Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 1983 йилда туғилган шахс аризачи фуқаронинг бир аёл билан ишқий муносабатда бўлган ҳолати бўйича Ички ишлар бўлимига ариза берган. Ушбу шахс фуқаронинг оила аъзоларига бу ҳолатни айтиб, уни шарманда қилиш билан қўрқитган. Мазкур ҳаракатларни бажармаслик ва қилган аризасини қайтариб олиш эвазига фуқародан 7000 АҚШ доллар талаб қилган.
Товламачиликка йўл қўйган шахс талаб қилинган пул маблағини олган вақтда тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Олтинкўл тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.