Россия Ташқи ишлар вазирлиги дипломатик ваколатхоналарни Киевдаги ходимларини зудлик билан эвакуация қилишга чақирди. Москва Украина 9 май — Ғалаба куни тадбирларини бузишга уринадиган бўлса, Киевга жавоб зарбалари берилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.
Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Тelegram'даги видеомурожаатида хорижий дипломатик ваколатхоналарни Россия Мудофаа вазирлигининг огоҳлантиришига жиддий эътибор беришга ундади. Унга кўра, агар Украина Ғалаба куни муносабати билан ўтказиладиган тадбирлар ёки Қизил майдондаги ҳарбий парадни нишонга олса, Россия жавоб чораларини кўради.
Захарова Россия Қуролли кучлари томонидан Киевга жавоб зарбаси берилиши эҳтимоли сабаб дипломатлар ва бошқа ваколатхоналар ходимларини ўз вақтида эвакуация қилиш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, Россия томони Украина президенти Володимир Зеленскийни Арманистонда бўлиб ўтган Европа сиёсий ҳамжамияти йиғилишида Ғалаба куни тадбирларини бузиш ҳақида “таҳдидли баёнотлар” берганликда айблади.
Зеленский Х ижтимоий тармоғида Россия 9 майдаги ҳарбий парад олдидан ҳаво мудофаа тизимларини мамлакат ҳудудларидан Москва атрофига кўчираётганини ёзди ва бу Украина учун узоқ масофали ҳужумлар имкониятини кенгайтираётганини таъкидлади.
“Бу Россия раҳбарияти кўплаб баёнотларда тилга олинган сулҳга тайёрланмаётганини ва Россиянинг бошқа ҳудудларидан кўра Москвадаги парад ҳақида кўпроқ қайғураётганини кўрсатади. Шу билан бирга, бу бизнинг узоқ масофали зарбаларимиз учун қўшимча имкониятлар яратмоқда. Биз бунга мос устувор йўналишларни белгилаймиз”, — деди Зеленский.
Айни пайтда томонлар бир-бирини сулҳни бузишда айбламоқда. Украина 6 май куни бир томонлама сулҳ эълон қилган бўлса, Россия ҳам 9 майдаги Ғалаба куни тадбирлари муносабати билан вақтинчалик сулҳ таклиф қилган.






