Республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан халқаро қидирувга берилган шахс Перу Республикасидан Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси хабар қилди.
Маълум қилинишича, Интерполнинг Ўзбекистон ва Перу Миллий марказий бюролари ўртасидаги мувофиқлаштирилган ҳаракатлар, шунингдек, Ўзбекистон Бош прокуратураси Халқаро-ҳуқуқий департаменти ҳамда Перу Республикаси Адлия вазирлигининг кўмаги натижасида қидирувда бўлган шахс экстрадиция қилинган.
У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми (ўта йирик миқдордаги фирибгарлик) билан жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланган Туркия фуқароси ҳисобланади.
Қайд этилишича, гумонланувчи Перу ҳудудида тергов органларидан яшириниб юрган вақтида халқаро қидирув доирасида қўлга олинган.
Экстрадиция жараёни Тошкент ва Лима шаҳарларидаги Миллий марказий бюролар ҳамкорлигида амалга оширилди. Шунингдек, транзит жараёнида Франция ва Бирлашган Араб Амирликлари ваколатли органлари томонидан халқаро ҳуқуқ доирасида ёрдам кўрсатилган.
Экстрадиция қилинган шахс кейинги процессуал ҳаракатларни ўтказиш ва қонунчиликка мувофиқ жиноий жавобгарликка тортиш мақсадида Ўзбекистонга олиб келинган.
Аввалроқ ўта йирик миқдордаги фирибгарлик учун қидирувда бўлган ўзбекистонлик Грузияда ушлангани, шунингдек, халқаро қидирувдаги яна уч нафар фуқаро Бирлашган Араб Амирликларида қўлга олиниб, Тошкентга қайтарилгани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, апрель ойида "Ўзбекистон металлургия комбинати" акциядорлик жамиятининг собиқ бошқарув раиси Дилшод Аҳмедов ҳамда “Равшан Золотой” номи билан танилган Равшан Муҳитдинов халқаро қидирувга берилгани маълум қилинган.






