Сомали қароқчилари Яман соҳилида нефть танкерини қўлга киритди, деб BBC билан суҳбатлашган бир нечта Сомали хавфсизлик ходимлари хабар берди.
Яман соҳил қўриқчилари аввалроқ MT Eureka танкери ўғирлангани ва у Сомали томон ҳаракатланаётганини маълум қилган. Манбаларга кўра, кема Адэн кўрфазида, Қана порти яқинида қароқчилар томонидан босиб олинган.
Пунтленд ярим автоном минтақасидан бўлган уч нафар хавфсизлик ходимига кўра, қароқчилар Адэн кўрфази бўйидаги Қандала шаҳарчаси яқинидаги чекка ҳудуддан чиқиб кетган.
Бу ҳодиса 10 кун ичида минтақада иккинчи нефть танкерининг ўғирланиши бўлди. Аввалроқ, 22 апрель куни Сомали қароқчилари томонидан Honor 25 кемаси қўлга олинган эди.
Маълумотларга кўра, Honor 25 Могадишо томон 18 500 баррель нефть олиб кетаётган бўлган.
Буюк Британия денгиз транспорт операцияси (UKMTO) ҳам алоҳида ҳолат ҳақида маълум қилиб, Яман яқинидаги Ал-Мукалла атрофида қуролланган шахслар савдо кемасига яқинлашганини билдирган.
Мутахассислар таъкидлашича, бу ҳодисалар Сомали қирғоқларида қароқчилик фаоллиги яна кучайганини кўрсатади. Африкадаги энг узун — 3 333 километрлик соҳил бўйлаб хавфсизлик вазияти янада кескинлашмоқда.
Сўнгги ўғирлаш билан бирга, бу икки ҳафта ичида тўртинчи муваффақиятли қароқчилик ҳодисаси сифатида қайд этилди.
Сомали расмийлари ва Европа Иттифоқи денгиз кучлари ҳозирча воқеага изоҳ бермаган.






