Форс кўрфази минтақасидаги араб давлатлари — Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари АҚШ президенти Дональд Трампнинг Эрон билан урушни дипломатик йўл билан якунлаш ниятидан хавотирда. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” нашри манбаларига таяниб хабар берди.
Манбаларга кўра, мазкур давлатлар Трампни Эрон минтақада хавф туғдирмайдиган даражада заифлашгунча ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришга кўндиришга уринмоқда. Улар эҳтимолий келишув Теҳроннинг таъсирини сақлаб қолиши ва Форс кўрфазидаги хавфсизликка таҳдид солишидан қўрқмоқда.
Шу билан бирга, Туркия аксинча, урушни тезроқ тугатиш тарафдори бўлиб, дипломатик музокараларни фаоллаштиришга ҳаракат қилмоқда.
Айни пайтда, АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар мураккаб кечмоқда. Томонлар бир-бирига нисбатан кескин талаблар илгари сурган. Хусусан, Вашингтон Эрондан ядро дастурини тўлиқ чеклашни талаб қилмоқда, Теҳрон эса санкцияларни бекор қилиш ва хавфсизлик кафолатларини сўрамоқда.
Мутахассислар фикрича, ушбу қарама-қаршиликлар яқин вақт ичида келишувга эришишни қийинлаштирмоқда.






