Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларда АҚШга ёрдам кўрсатмоқда ва ўз қўшинларини қуролли можарога бевосита жалб қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда, дея хабар бермоқда Zamon.uz нашри The Wall Street Journal'га таяниб.
Маълум қилинишича, ҳозирча иккала давлат ҳарбий инфратузилмалардан фойдаланишга рухсат бериш ва Теҳронга иқтисодий босим ўтказиш орқали АҚШга ёрдам бермоқда. Шу билан бирга мазкур давлатлар ҳарбий кучларни қўллаш масаласини ҳам муҳокама қилмоқда.
Shuningde The Wall Street Journal Саудия Арабистони АҚШ қўшинларига Арабистон яримороли ғарбида жойлашган Шоҳ Фаҳд авиабазасидан фойдаланишга рухсат берганини қўшимча қилган.
Нашр манбаларига кўра, Саудия Арабистонининг тахт вориси Муҳаммад бин Салмон ҳозир мамлакатнинг бевосита ҳарбий ҳаракатларда иштирокини кўриб чиқмоқда. Бошқа манба эса Саудия Арабистони урушга кириши — “вақт масаласи” эканини билдирган.
Ўтган ҳафта Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Саудия Арабистонининг Эрон ҳужумларига бўлган сабри чексиз эмаслигини, агар зарур бўлса минтақадаги давлатлар Эронга қарши тура олишини маълум қилган.
“БАА ҳозирча фақат иқтисодий чоралар билан чекланмоқда. Масалан, амирликлар Эрон активларини миллиардлаб доллар миқдорида музлатиб қўйиш билан таҳдид қилган, шунингдек, Дубайдаги Эрон муассасаларини аллақачон ёпган. Ҳозирда БААда урушда бевосита иштирок этиш имконияти тўлиқ инкор этилмаяпти”, дейилади хабарда.






