Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Ереван метросида йўловчи аёл билан тортишиб қолди. Аёл уни Тоғли Қорабоғни Озарбайжонга топширишда айблаган.
Гувоҳларга кўра, баҳс аёлнинг Қорабоғ йўқотилгани учун Пашинянни танқид қилиши билан бошланган. Бош вазир эса ҳукумат ҳудудда одамлар қолиши учун катта маблағ сарфлаганини айтган ва нега ўзи у ерда қолмаганини сўраган.
Суҳбат давомида аёл ундан овозини кўтармасликни сўраган, Пашинян эса ўз позициясини қатъий ҳимоя қилган. Бироз вақт ўтиб, у Telegram орқали мурожаат қилиб, ҳиссиётга берилганини тан олди ва аёл ҳамда унинг фарзандидан узр сўради.
Маълумот учун, Арманистон 2023 йилдаги воқеалардан сўнг Тоғли Қорабоғ устидан назоратни йўқотган, минглаб аҳоли ҳудудни тарк этган.






