АсосийДунё

Мужтабо Хоманаий АҚШ–Исроил зарбалари вақтида омон қолган

Маълум қилинишича, у ҳужумдан бироз олдин уйидан чиқиб кетган.

'Мужтабо Хоманаий АҚШ–Исроил зарбалари вақтида омон қолган'ning rasmi

Эроннинг янги олий раҳбари Мужтабо Хоманаий АҚШ ва Исроил томонидан амалга оширилган авиазарбалар вақтида омон қолган. Бу ҳақда Zamon.uz ҳужум вақтида ёзиб олинган аудиога таяниб хабар берди.

Маълум қилинишича, 28 февраль куни Мужтабо Хоманаий отаси Али Хоманаий билан Теҳрондаги мажмуада бўлган. Бироқ зарбалар берилишидан сал олдин у ҳовлига чиққан ва ҳужум пайтида бинода бўлмаган.

Ҳужум оқибатида Али Хоманаий, шунингдек, Эрон хавфсизлик тизимига мансуб қатор юқори лавозимли шахслар ҳалок бўлган. Улар орасида Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси раҳбари Муҳаммад Пакпур ҳамда мудофаа вазири Азиз Насирзаде борлиги айтилган.

The Telegraph Эроннинг собиқ раҳбари идораси протокол хизмати раҳбари Мазоҳир Ҳусайнийнинг юқори мартабали руҳонийлар ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондонларига қилган мурожаатининг аудиоёзуви борлигини маълум қилди.

"Худонинг иродаси билан Мужтабо ҳовлига чиқиб, нимадир қилишига тўғри келди. Мужтабо ташқаридалигида душман бинога ракета билан зарба берди", дейилади аудиоёзувда. 

Ҳусайнийнинг сўзларига кўра, Мужтабо Хоманаий зарба натижасида оёғидан енгил жароҳат олган. У бир вақтнинг ўзида мажмуанинг бир нечта объектларига зарба берилгани ва ҳужум Хоминаий оиласини тўлиқ йўқ қилишга қаратилгани таъкидлаган.

Мазкур аудиоёзув Хоманаийнинг соғлиғи ва мамлакатни бошқариш қобилияти борасида саволлар кучайган бир пайтда тарқалди. АҚШ президенти Доналд Трамп эса унинг тириклиги ёки ўлгани номаълумлигини билдирган.

Айрим эронлик расмийлар эса олий раҳнамонинг ҳолати юзасидан аниқ маълумот мавжуд эмаслигини маълум қилган.

    Бошқа янгиликлар