АҚШ Давлат департаменти мамлакат фуқаролигидан расман воз кечиш учун белгиланган тўловни қарийб 80 фоизга қисқартирди. Бу ҳақда CNN нашри Federal Register’да эълон қилинган қарорга таяниб хабар берди.
Янги тартибга кўра, фуқароликдан чиқиш тўлови 2 350 доллардан 450 долларга туширилди. Мазкур ўзгариш 13 мартдан кучга кирган. Қизиғи шундаки, бу миқдор 2010 йилда илк бор жорий этилган ставкага тенг.
2015 йилда хорижда яшовчи америкаликлар учун солиқ ҳисоботлари кучайтирилгач, фуқароликдан воз кечиш ҳолатлари кўпайган. Шу сабабли тўлов маъмурий харажатлар баҳонасида кескин оширилган эди.
Шу билан бирга, АҚШ фуқаролигидан чиқиш жараёни мураккаб бўлиб, ариза берувчи консуллик ходимлари билан бир неча бор суҳбатдан ўтиши ва қарорининг оқибатларини тўлиқ англаганини тасдиқлаши талаб этилади. Фақат шундан кейингина расмий қасамёд ва ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёни бошланади.
Маълум қилинишича, мазкур қарор хорижда яшовчи америкаликлар, хусусан Франциядаги “Tasodifiy amerikaliklar assotsiatsiyasi”нинг кўп йиллик ҳуқуқий кураши натижасида қабул қилинган.
Ташкилот маълумотига кўра, 2023 йилдан буён камида 8 755 нафар шахс юқори тўловни тўлаб, фуқароликдан воз кечган.






