Эрон Қуролли кучлари Бош штаби Озарбайжонга дрон учирилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Баёнотда таъкидланишича, Эрон барча давлатлар, хусусан қўшни ва мусулмон мамлакатларнинг суверенитетини ҳурмат қилади.
Бош штаб бу ҳодисани Исроил режими томонидан Эронни айблаш ва мусулмон давлатлар ўртасида муносабатларни бузиш мақсадида амалга оширилган ҳаракат деб баҳолади.
5 март куни Эрон ракетаси Озарбайжоннинг Нахичевон Мухтор Республикаси аэропортига тушган, яна бир дрон мактаб яқинига келган ва эвакуация қилинган. Озарбайжон Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирликлари кескин норозилик билдирган, Президент Илҳом Алиев ҳужумни террористик деб атаган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳам Озарбайжон билан телефон орқали мулоқот қилиб, вазиятдан жиддий хавотир билдирган.






