Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида лолазор ҳудудида автомобилларда ҳаракатланган шахслар аниқланиб, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода транспорт воситаларининг лолазор майдонида ҳаракатлангани акс этган. Ўтказилган ўрганишлар давомида ҳуқуқбузарлар аниқланиб, уларнинг автомобиллари жарима майдончасига жойлаштирилган.
Мутасаддилар ҳисоб-китобига кўра, мазкур ҳолат натижасида табиатга 6 млн 592 минг сўм зарар етказилган. Шунингдек, уч нафар ҳуқуқбузарнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари — 20 млн 600 минг сўмдан, жами 61 млн 800 минг сўм жарима белгиланган.






