ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан давлат чегарасини қўриқлаш ва унинг дахлсизлигини таъминлашга қаратилган тезкор-профилактик тадбирлар давомида ноқонуний ҳолат фош этилди.
Маълум қилинишича, Сирдарё дарёсининг Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги Шодиқозиқ МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисми қирғоғида номаълум шахслар томонидан қолдириб кетилган 4 та полиэтилен қоп аниқланган.
Мазкур қоплар холислар иштирокида кўздан кечирилганда, улар ичида қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб ўтилган гиёҳвандлик воситалари борлиги маълум бўлди. Жумладан, жами 48 ўрамда 47 кг 113 грамм “гашиш”, 15 ўрамда 7 кг 779 грамм “опий” аниқланган.
Шунингдек, қоплардан 10 710 дона “Лидаза” ва 756 дона “Теноксикам” номли дори воситалари ҳам топилиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми (контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Наркотик моддалар эгаларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.






