23 февраль куни Мисрнинг Гиза шаҳри яқинида жойлашган Унас пирамидаси деворига расм чизган гид қўлга олинди. Бу ҳақда "Egypt Today" хабар берди.
Маълум қилинишича, гид сайёҳларга маълумот бераётган вақтда ёдгорлик юзасига турли белгилар чизган. Воқеа акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалгандан сўнг, Саққара туристик политсиясига хабар берилган. Масъул идоралар томонидан чизилган белгилар зудлик билан бартараф этилган.
Айбланувчи ҳозирда қўлга олинган бўлиб, тергов жараёнлари бошланган. Миср қонунчилигига кўра, қадимий ёдгорликларга шикаст етказган шахс камида бир йилга озодликдан маҳрум қилиниши ва йирик миқдорда жаримага тортилиши мумкин.






