Туркманистон халқ маслаҳати раиси, мамлакат собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов самолёти АҚШда шикастлангани маълум бўлди. Бу ҳақда Turkmen news хабар берди.
Унга кўра, Гурбангули Бердимуҳамедов 16 февралдан 18 февралгача Флорида штатида ташриф билан бўлган. Давлат оммавий ахборот воситалари ташриф дастури ҳақида хабар бермаган. Бироқ ушбу ташриф “икки мамлакат ўртасидаги конструктив муносабатларни янада ривожлантириш учун кенг истиқболлар очиши” таъкидланган.
Бердимуҳамедов Форт-Лодердейл халқаро аеропортига Боеинг-777 (борт рақами ЭЗ-А780) самолётида учиб келган. Аммо маҳаллий блогерлар ва журналистлар томонидан олинган кадрларда лайнернинг горизонтал стабилизатори шикастланганини кўриш мумкин.
Бердимуҳамедовнинг ортидан Ашхободдан борт рақами ЭЗ-А700 бўлган ҳукуматга қарашли бошқа бир Боеинг-737 самолёти учиб келган, у йўлда Глазгода (Шотландия) ёнилғи қуйиш учун қисқа муддатга тўхтагани маълум бўлган. Шундан сўнг самолёт Форт-Лодердейлда тахминан тўрт соат турган ва Германиянинг Мюнхен шаҳрида ёнилғи қуйиб олгач, Ашхободга учиб кетган.






