Ўзбекистон Президенти 17-19 февраль кунлари АҚШда ўтадиган Тинчлик кенгашининг дастлабки саммитида иштирок этади. Ташриф доирасида Ғазони тиклаш ва иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Дональд Трампнинг таклифига биноан 17–19 февраль кунлари амалий ташриф билан Вашингтон шаҳрида бўлади.
Ташриф доирасида давлат раҳбари АҚШ Тинчлик институтида ўтадиган Тинчлик кенгашининг биринчи саммитида иштирок этади. Йиғилишда Ғазо секторини тиклаш, гуманитар ёрдам кўрсатиш ҳамда минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари кўриб чиқилади.
Шунингдек, ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида Америка етакчи компаниялари ва молия институтлари раҳбарлари иштирокида стратегик лойиҳалар тақдимоти ўтказилиши, иқтисодий соҳадаги икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
Маълум қилинишича, Тинчлик кенгаши Дональд Трамп ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистон жорий йил январь ойида Давос шаҳрида ўтган тадбир чоғида унга таъсисчи давлат сифатида қўшилган.






