Мўғулистонда “дузд” деб номланган ўта совуқ қиш январь ойида мамлакатнинг ғарбий ва Марказий Оврхангай вилоятида 26 300 дан ортиқ чорва молларини нобуд қилди. Бу ҳақда “Central Asia” хабар берди.
Мамлакат Миллий статистика бошқармасининг 12 февралдаги маълумотига кўра, Мўғулистоннинг 21 вилоятидан камида 11 таси “дузд”нинг оқибатларидан жабр кўрган.
Чорвачилик Мўғулистон иқтисодиётининг асосий устунларидан бири бўлиб, мамлакат кўчманчи аҳолисининг қарийб 40 фоизи шу соҳага боғлиқ. Шунга қарамай, қаттиқ ва узоқ қиш туфайли ҳар йили кўплаб чорва моллари йўқотилади.
Миллий статистика бошқармаси маълумотига кўра, 2025 йил охирига келиб, Мўғулистонда 58,1 миллион чорва моллари рўйхатга олинган.
Эслатиб ўтамиз, шу кунларда минтақадаги бошқа давлатларда ҳам экстремал об-ҳаво оқибатлари сезилмоқда: аввалроқ Афғонистонда кучли қор бўронлари камида 61 киши ҳалок бўлиши ва 110 киши жароҳат олишига олиб келгани хабар қилинган эди.






