Лойиҳага кўра, тўй, юбилей, суннат тўйи, никоҳ маросимлари ҳамда ресторан ва бошқа тадбирларда кўрсатиладиган ҳар бир хизмат “бир хизмат — бир тўлов” тамойили асосида солиққа тортилиши режалаштирилган. Яъни ҳар бир чиқиш алоҳида ҳисобга олиниб, солиқ ундирилиши назарда тутилмоқда.
Маълум қилинишича, мазкур лойиҳа сўнгги йилларда платформага жойлаштирилган ҳужжатлар орасида энг кўп кўрилганлардан бири бўлган. У билан қарийб 16 минг фойдаланувчи танишган. Муҳокама давомида фуқаролардан 130 та таклиф ва мулоҳаза келиб тушган.
Эълон қилинган таҳлилларга кўра, 2024 йилда 2 020 нафар хонанда солиқ декларацияси топширган бўлиб, жами 1,1 миллиард сўм солиқ ҳисобланган. Бу эса бир нафар хонандага йил давомида ўртача 544,5 минг сўмдан тўғри келади.
2025 йилда эса 305 нафар хонанда декларация тақдим этган ва уларга ўртача 505,6 минг сўмдан даромад солиғи ҳисобланган.
Қайд этилишича, ушбу рақамлар соҳада ягона ва шаффоф рақамли ҳисоб тизимини жорий этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Қарор лойиҳасидан кўзланган асосий мақсад Солиқ кодексида белгиланган мажбурийлик ва адолатлилик тамойилларини таъминлашдан иборат.
Ҳужжат манфаатдор вазирлик ва идоралар, жумладан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Маданият вазирлиги, Рақобат қўмитаси ҳамда Солиқ қўмитаси билан келишилгандан сўнг жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани маълум қилинди. Келиб тушган таклифлар асосида лойиҳа такомиллаштирилиб, юқори турувчи идораларга киритилади.
Аввалроқ лойиҳа юзасидан Маданият вазирлиги эътирозлар билдирган. Таъкидланишича, ҳозирги кунда концерт-томоша соҳасида фаолият юритувчи шахслар қонунчилик асосида солиқ тўлаб келмоқда. Хусусан, улар ҳар ойда камида базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварига тенг ижтимоий солиқ тўлайди, шунингдек йиллик даромадидан 12 фоиз даромад солиғи ундирилади.
Шу боис айрим муҳокамаларда учраётган “санъаткорлар умуман солиқ тўламайди” деган фикрлар ҳақиқатга тўлиқ мос келмаслиги таъкидланган.






