“Қазгидромет” маълумотларига таяниб хабар берилишича, ноябрь ойининг иккинчи ярмида мамлакатнинг турли ҳудудларида максимал ҳаво ҳарорати бўйича янги рекордлар ўрнатилган. Хусусан, 14 ноябрь куни Ақтобе вилоятидаги метеорология станциясида ҳаво ҳарорати +13,2 даражага етиб, 2023 йилда қайд этилган аввалги рекорддан ошиб кетган. Орадан бир кун ўтиб, 15 ноябрда бу кўрсаткич яна янгиланиб, +11,4 даражани ташкил этган.
Шимолий ва марказий ҳудудларда ҳам ноодатий илиқ об-ҳаво кузатилган. Кокшетау шаҳрида 19 ноябрь куни +8,3 даража қайд этилиб, 1977 йилги рекорд ортда қолдирилган. 23 ноябрь куни эса ҳаво +5,2 даражагача исиган.
Жезқазған шаҳрида уч кун кетма-кет — 24–26 ноябрь кунлари максимал ҳарорат бўйича янги рекордлар қайд этилган. Қарағанда шаҳрида эса 26 ноябрь куни +9,4 даража ҳарорат кузатилиб, бу 1971 йилги кўрсаткичдан юқори бўлган.
Шунингдек, синоптиклар ноябрь ойида айрим ҳудудларда кучли ёғингарчилик, қор, туман, музлама ва бўронли шамоллар кузатилганини маълум қилди. Айрим жойларда қисқа муддатда ойлик ёғин меъёрининг ярмига яқин қисми ёққани қайд этилган.






