Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, 25 октябрь куни тунда Яккасарой туманидаги Бобур кўчасида 144 туп арча кесиб ташланган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, бу иш шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов топшириғи билан амалга оширилган.
Кушербаевга кўра, бу Президент фармонига биноан жорий этилган дарахт кесиш мораторийига зид ҳисобланади. Ҳодиса бўйича экология инспекторлари ҳужжатлар тайёрлаб, ишни прокуратурага юборган.
Расул Кушербаев ҳокимият вакилларини кескин танқид қилиб, “бугун экологиянинг душмани – ҳокимиятлар” дея таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, аҳолининг норози бўлишига айнан маҳаллий ҳокимлар сабаб бўлмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса ҳолат юзасидан изоҳ бериб, кесилган арча дарахтларининг аксарияти касалликка чалинганини, уларнинг ўрнига 83 туп янги дарахт ва 62 мингдан ортиқ
Ҳокимлик баёнотида таъкидланишича, Бобур кўчасида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари “шаҳар муҳитини экологик барқарор қилиш” мақсадида амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, дарахтларни кўчириш жараёнида “масъуллар эътиборсизликка йўл қўйган” ва бу бўйича хизмат текшируви бошланган.
Расул Кушербаев эса бу изоҳни “расмий оқлаш” деб атаб, Тошкентдаги экологик муаммоларнинг сабаби ҳокимият тизимининг ўзида эканини айтди. Унинг фикрича, оддий фуқаро бир туп дарахтни кесган тақдирда жазога тортилади, бироқ ҳокимият вакилларининг қонунбузарликларига кўз юмилмоқда.
“Биласизми, бугун экологиянинг энг катта душмани ҳокимиятларнинг ўзи. Дарахтни кесиб, яна солиқ тўловчилар пулига янги дарахт экиш — бу экология эмас, бу исроф,” — деди у ўз видеомурожаатида.
Кушербаев Президент томонидан жорий этилган мораторий талабларини бузаётган ҳоким ўринбосарлари ҳақида қатъий чоралар кўрилишини сўраб, “халқ ҳокимиятдан эмас, Президентдан норози бўлаётгани хавфли тенденция” эканини ҳам эслатди.
Ҳозирда Экология вазирлиги мазкур ҳолатни назоратга олган, прокуратура органларидан эса “холис ва қонуний баҳо” бериш сўралган.






