Ўзбекистонда 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берган фуқароларга жами 24,1 миллиард сўм мукофот тўланди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.
Йил бошидан “Солиқ” мобил иловасининг “Солиқ ҳамкор” тизими орқали 82 857 та мурожаат келиб тушган. Шундан 74 970 таси — харид чеки бермаслик, 3 001 таси — тўловни пластик карта орқали қабул қилмаслик, 184 таси — карта учун харид суммасини ошириш, 4 702 таси эса бошқа турдаги ҳуқуқбузарлик ҳолатларига оид бўлган.
Кўриб чиқилган мурожаатлар асосида 34 196 та сайёр солиқ текшируви ўтказилиб, уларнинг 98,8 фоизида ҳуқуқбузарлик аниқланган. Натижада хабар берган фуқароларга 34 139 та ҳолат бўйича ундирилган жарималарнинг 20 фоизи — 24,1 миллиард сўм мукофот сифатида тўланган.
Энг кўп мукофот Тошкент шаҳри аҳолиси (6 млрд 20 млн сўм), энг ками эса Жиззах вилояти фуқаролари (733,5 млн сўм) улушига тўғри келди.
Маълумот учун, солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берганларни пул билан рағбатлантириш тизими Ўзбекистонда 2022 йил бошидан жорий этилган.






