АсосийЖамият

Непалдаги ўзбекистонликлар намойишлар фонида огоҳликка чақирилди

Дипломатик миссия фуқаролардан одам гавжум жойлардан йироқ юришни, комендантлик соати ва маҳаллий қоидаларга қатъий амал қилишни сўрамоқда.

'Непалдаги ўзбекистонликлар намойишлар фонида огоҳликка чақирилди'ning rasmi

Непалда сўнгги кунларда давом этаётган оммавий норозилик намойишлари, комендантлик соати ва тартибсизликлар фонида Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси Непалда бўлиб турган ватандошларни огоҳликка чақирди.

Элчихонанинг расмий хабарида шундай дейилади:

“Шахсий хавфсизлигингизни таъминлаш мақсадида Непал ҳукумати кўрсатмаларига амал қилиш, одам гавжум жойлардан йироқда бўлиш, намойиш ўтказилаётган ҳудудларга яқинлашмаслик ва маҳаллий тартиб-қоидаларга қатъий риоя этиш тавсия этилади.”

Маълумот учун, 8 сентябрдан бошлаб минглаб ёшлар, асосан талабалар ва ўқувчилар Катманду ва бошқа шаҳарларда ҳукуматга қарши норозилик намойишларига чиққан.

Бу чиқишларга ижтимоий тармоқларнинг блокланиши, коррупция ва цензура сабаб бўлган. Расмий маълумотларга кўра, намойишларда ҳалок бўлганлар сони 22 нафарга етган.

Ҳукумат айрим ижтимоий тармоқларга қўйилган тақиқни бекор қилган бўлса-да, намойишлар давом этмоқда. Бош вазир ва уч нафар вазир истеъфо берган.

    Бошқа янгиликлар