АсосийДунё

Ўзбекистон паспортининг халқаро рейтингдаги ўрни ошмоқда

Ўзбекистон паспорти глобал рейтингда 72-ўринни эгаллаб, 62 мамлакатга визасиз саёҳат имконини тақдим этмоқда.

'Ўзбекистон паспортининг халқаро рейтингдаги ўрни ошмоқда'ning rasmi

Халқаро саёҳатлар имкониятлари кенгайиб бораётган бугунги шароитда мамлакатимиз паспортининг нуфузи ҳам сезиларли даражада ўсмоқда. 

Рейтинг IATA (Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси) маълумотлари асосида шакллантирилади. Унда асосий мезон сифатида паспорт эгалари визасиз кириши мумкин бўлган давлатлар сони ҳисобга олинади. Бугунги кунда ўзбекистонликлар 62 мамлакатга визасиз саёҳат қилиш ҳуқуқига эга.

Мутахассислар фикрича, бу кўрсаткич Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги очиқ сиёсати, фаол дипломатик алоқалари ва жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувининг натижасидир. Хусусан, ўзбекистонликлар ҳозирда Туркия, Малайзия, Индонезия, Грузия, Қозоғистон, Арманистон каби мамлакатларга эркин саёҳат қила олади.

Дунё бўйича энг кучли паспорт сифатида Сингапур паспорти қайд этилди — унинг эгалари 193 мамлакатга визасиз кириши мумкин. Кейинги ўринларда Япония ва Жанубий Корея (190 давлат), шунингдек, Германия ҳамда Италия паспортлари қайд этилди.

Марказий Осиёда эса Қозоғистон 71-ўринни эгаллаб, 63 давлатга визасиз кириш имконини тақдим этмоқда. Ўзбекистон (72-ўрин), Қирғизистон (71-ўрин), Тожикистон (78-ўрин) ва Туркманистон (84-ўрин) минтақадаги ҳолатни белгилаб берди. Бу эса минтақада халқаро дипломатик ҳамкорлик даражасига ойна бўлиб хизмат қилмоқда.

Рўйхатнинг энг сўнгги поғоналарида уруш ва сиёсий инқирозлардан зарар кўрган давлатлар — Афғонистон, Ироқ ва Сурия жой олган. Афғонистон паспорти энг заиф ҳисобланиб, унинг эгалари атиги 27 мамлакатга визасиз кириш ҳуқуқига эга.

    Бошқа янгиликлар