Эронда 21 август куни эркак ўзи содир этган жиноят жойида осиб ўлдирилди. Бу икки кун ичида амалга оширилган иккинчи оммавий қатл бўлди.
Маълум қилинишича, осилган эркак 2024 йил охирида “эр-хотин ва бир аёлни ов милтиғи билан ўлдирганликда” айбдор деб топилган. Сўнг омма олдида осиб ўлдирилган.
Эронда аксарият ўлим жазоси қамоқхоналарда амалга оширилади. Оммавий қатллар эса одатда жамиятда катта норозилик уйғотган жиноятларга нисбатан қўлланади. Сўнгги қатл Кордкуй шаҳрида тонг пайт “жиноят содир этилган жойда ва оммавий равишда” амалга оширилган.
Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Эрон дунёда Хитойдан кейин энг кўп одам қатл қиладиган давлат ҳисобланади. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси июль ойда Эронни ўлим жазосини қўллашни тўхтатишга чақирган.
Бошқарма 2025 йилнинг биринчи ярмида камида 612 киши қатл этилгани ҳақида хабар берган.