Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Оқолтин туманида яшовчи, 1998 й.т. фуқаро қалбаки 150 минг АҚШ долларини “шартли харидор”га ҳақиқий 30 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур фуқаро ЖИБ Янгиер шаҳар судининг 2024 йил декабрь ойидаги ҳукми билан Жиноят Кодексининг 168 ва 176-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 1 йил 10 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган ва ҳозирда жазо ўтаётган шахс ҳисобланади.
Айтилишича, терговга қадар текширув давомида, у Қозоғистон Республикасидан контрабанда йўли билан келтирилган ушбу қалбаки купюраларни Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида яшовчи фуқародан олганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 176-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қонунбузарга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари доирасида унинг жиноий шерикларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда, дейилади хабарда.