Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази дунёдаги етакчи илмий ва маданий муассасалар билан яқин ҳамкорлик олиб бормоқда. Шу ҳамкорликнинг ёрқин намунаси сифатида Саудия Арабистони Жидда шаҳридаги Ислом санъати уйи Марказ очилиши доирасида ўтказиладиган кўргазмада намойиш этиш учун 13 та нодир ва қимматбаҳо экспонатни тақдим этди.
Экспонатлар 2025 йил сентябридан 2026 йил март ойигача Ўзбекистонда намойиш этилади. Улар ислом дунёси тарихи, маданияти ва Ўзбекистоннинг маънавий мероси билан узвий боғлиқ бўлиб, юртдошларимиз ва хорижий меҳмонларга бой тарихий хазина билан яқиндан танишиш имконини беради.
Марказ илмий ходими Элёр Муллажонов таъкидлаганидек, экспонатлар орасида энг нодирларидан бири — Мамлуклар давридаги Муқаддас Каъба калитлари жездан ясалган, кумуш билан безатилган ва Қуръон оятлари ўйиб ёзилган ноёб асар ҳисобланади.
Кўргазмада намойиш этиладиган асарлар турли давр ва ҳудудларга мансуб бўлиб, улар орасида:
▪️Ғазнавийлар давридаги қумган — ўйма нақшлар билан безатилган қуйма бронза намунаси;
▪️Салжуқийлар давридаги сиёҳдон — тошдан ўйилган бадиий асар;
▪️Илк ислом даври сопол лаганлари — ҳижрий IV–V асрларда яратилган;
▪️Қуръон қўлёзмалари — Шарқий куфий ва насх хатда безакли нусхалар;
▪️Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонуни” асаридан саҳифалар — 1549 йилдаги илк нашрдан;
▪️Маҳмал — Каъба кисвасини ташишда ишлатилган маросимий ҳовлид;
▪️Ҳазрати Иброҳим мақоми пардаси — Усмонийлар даврида тикилган ноёб асар;
▪️Шахмат тошлари — ҳайвон суягидан ўйилган ўйин жиҳозлари;
▪️Тарихий китоб муқоваси — олтин ва бўёқлар билан безатилган Марказий Осиё намунаси.
Мазкур ҳамкорлик нафақат ислом дунёси маданий меросини кенг тарғиб этади, балки Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, илм-фан ва санъат соҳасида тажриба алмашишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.