Бу Президентнинг "Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида [ПФ-126-сон] кўзда тутилган.
2025 йил 1 ноябрдан хўжалик юритувчи субъектлар қуйидаги шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захираларини шакллантиради:
- ногиронлиги бўлган шахслар;
- оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар;
- Камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари;
- муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар;
- ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар.
Бунда мажбурий захиралаш:
- ходимлар умумий сонининг 3 фоизидан ошмаслиги зарур;
- ходимлари сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланади.
Шунингдек, 2025 йил 1 ноябрдан ишсизлик нафақаси фақат меҳнат шартномаси бекор қилинган шахсларга тўланади. Бунда:
- ишсизлик нафақаси сўнгги 5 йилда камида 18 ой ишлаган шахсларга меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг улар 6 ой ичида мурожаат қилганда, уларнинг охирги 18 ойлик ўртача иш ҳақи ҳисобидан 3 ой давомида тўланади;
- 1-ойда ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган миқдорда тўланади;
- 2- ва 3- ойларда эса ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган миқдорда тўланади.
Ишсизлик нафақасини такроран белгилашда дастлабки тайинланган нафақани олиш муддати тугагандан сўнг қўшимча равишда камида 12 ойлик иш стажи талаб этилади.