Бугун, 4 август куни президент Шавкат Мирзиёев Туркманистон етакчиси Сердар Бердимуҳаммедовнинг таклифига биноан мамлакатга учиб кетди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон етакчиси БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясида иштирок этиш учун амалий ташриф билан ушбу мамлакатга жўнаб кетган.
Авазада бўлиб ўтадиган конференцияда транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш, иқтисодий трансформация, иқлим ўзгаришига ва атроф-муҳит учун хатарларга бардошлиликни ошириш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш масалалари кўриб чиқилади. Аваза сиёсий декларацияси ва ҳаракатлар дастурининг қабул қилиниши кўзда тутилган.
Шунингдек, президент Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган тадбирда иштирок этади ва қатор икки томонлама музокаралар ўтказади.