Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Божхона қўмитаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида божхона инспекторининг коррупсион фаолияти фош этилди.
Маълум қилинишича, Наманган вилояти божхона бошқармасининг “Учқўрғон” чегара божхона пости назорат ва расмийлаштириш гуруҳи инспектори — 1993 йилда туғилган фуқаро, хориждан олиб келинган 57 дона “иПҳоне 16 Pro Max” русумли мобил телефонларни Тошкент халқаро аэропорти орқали IMEI код асосида расмийлаштириб бериш эвазига ҳар бир телефон учун 100 АҚШ долларидан, жами 5700 доллар, шунингдек, илгари декларациядан яшириб олиб келинган кийим-кечаклар бўйича чора кўрмаганлиги учун қўшимча 400 АҚШ доллар сўраган.
Сўралган пулнинг бир қисми — 900 АҚШ доллари (11,3 млн сўм) 11 ва 14 июль кунлари ўзига ва қариндошига тегишли банк карталари орқали ўтказилган.
Аммо 16 июль куни, 1000 АҚШ доллари (12,5 млн сўм) миқдоридаги навбатдаги тўлов қариндошининг пластик картасига туширилганида, у ДХХ ва ҳамкор органлар томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан инспекторга нисбатан Жиноят кодексининг:
— 168-моддаси 3-қисми “в” банди (фирибгарлик),
— 28, 211-моддаси 1-қисми (пора олишга суиқасд)
бандлари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.