Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги арчазорда йирик ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 17 июнь куни соат 17:45 да ФВБга Бойсун тумани Кенгдала ўрмон хўжалиги бўлимига қарашли арчазорларга туташ ҳудудда қуруқ ўтлар ёнгани бўйича хабар келиб тушган.
Хабарга асосан ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига етиб борган.
Ёнғинни бартараф этишга вилоят ФВБдан 85 нафар шахсий таркиб, 4 та техника, Ўрмон хўжалиги бўлимидан 40 нафар ходим, 4 та техника, ИИБдан 6 нафар ходим, Мудофаа вазирлигидан 20 нафар ҳарбий хизматчи ва битта ҳарбий вертолёт, маҳаллий аҳолидан 40 нафар кўнгилли жалб этилган.
Шунингдек, жараёнда ёнғин ўчоғини мониторинг қилиш учун Чегара қўшинларининг учувчисиз учиш воситаларидан фойдаланилган.
Тегишли хизматлар ва кўнгиллилар ҳамкорлигидаги ҳаракатлар натижасида 3 гектар майдондаги ёнғин ўчоғи 18 июнь куни соат 07:10 да бартараф этилган ва кенг майдонларга тарқалиши олди олинган.