Европа Иттифоқи Россиядан газ ва нефть импортини босқичма-босқич тўхтатиш ниятида. Брюсселда ўтказилган брифингда Еврокомиссия 2027 йил охиригача ушбу энергия ресурсларидан бутунлай воз кечишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини эълон қилди. Бу ҳақда “ДW” нашри хабар бермоқда.
“Бу тижорат алоқаларининг келажаги йўқ”, — дейди Евроиттифоқнинг юқори лавозимли расмийси. Унга кўра, Россия бир неча бор ўзини ишончсиз ҳамкор сифатида кўрсатган, босим, шантаж ва манипуляциялардан тийилмаган.
Босқичма-босқич рад этилади
Янги ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб Россия билан янги газ шартномаларини тузиш тақиқланади. 2026 йил 17 июнгача – мавжуд қисқа муддатли шартномалар орқали импортга рухсат берилади. 2027 йил охиригача – узоқ муддатли шартномалар ҳам тўхтатилади.
Бу чекловлар нафақат қувур орқали етказиб бериладиган, балки денгиз орқали олиб кириладиган суюлтирилган газга ҳам тегишли бўлади. Худди шу муддатда Россия нефти импорти ҳам тўхтатилади.
Яна ким қарши?
Ҳозирда ҳужжат Евроиттифоқга аъзо давлатлар доимий вакилларига тақдим этилган. Улар қонун лойиҳасини таҳлил қилиб, такомиллаштириш устида иш олиб боради.
Шу билан бирга, аввалроқ Венгрия ва Словакия ушбу ташаббусга қарши чиққан. Улар Россия газ ва нефтидан тўлиқ воз кечиш фикрини қўллаб-қувватламаётгани айтилмоқда.