Россия Президенти Владимир Путин Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Ларижонийнинг вафоти муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Эрон давлат телерадиокомпанияси хабар қилди.
Қайд этилишича, Кремль раҳбари ўз мурожаатини Эроннинг янги Олий раҳбари Мужтабо Хоманаийга йўллаган. Путин унда Ларижоний билан бир неча бор учрашганини эслаб, уни “доно ва узоқни кўра оладиган сиёсатчи” сифатида таърифлаган.
“У ўз халқининг манфаатларини қатъий ҳимоя қилган, Россиянинг ҳақиқий дўсти эди”, деган Путин. Унинг таъкидлашича, Ларижоний Москва ва Теҳрон ўртасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшган.
Маълум қилинишича, Эрон томони Ларижонийнинг Исроил ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлганини тасдиқлаган. У Пардис ҳудудидаги уйида ўғли, ўринбосари ва бир неча қўриқчилари билан бирга вафот этган.
Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ушбу ҳодиса юзасидан ҳамдардлик билдириб, “қаттиқ қасос олиниши”ни таъкидлади. Мамлакат Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчиэса Ларижонийнинг ўлими давлат сиёсатига жиддий таъсир кўрсатмаслигини маълум қилди.
Маълумот учун, Али Ларижоний Эрон сиёсий тизимида узоқ йиллар давомида муҳим фигура бўлиб келган. У 2005–2007 йилларда Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби сифатида ядровий дастур бўйича бош музокарачи бўлган. 2015 йилда эса парламент спикери сифатида ядровий келишув муҳокамаларида фаол иштирок этган.
Ларижоний ва Путин ўртасида бир неча учрашувлар ўтказилган. Жумладан, 2015 йил октябрда Сочи шаҳрида ҳамда 2026 йил январда Москвада бўлиб ўтган музокараларда икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.






