Покистон ва Афғонистон чоршанба куни Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирларига қарши олиб бораётган ҳарбий амалиётларни вақтинча тўхтатишга келишди. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.
Ҳарбий ҳаракатлар чоршанба тунидан 23 март тунигача тўхтатилади.
Покистон Ахборот вазири Аттаулла Тарарнинг таъкидлашича, мазкур қарор Покистоннинг ўз ташаббуси билан қабул қилиниб, Саудия Арабистони, Қатар ҳамда Туркия сўрови билан амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Вазир ҳар қандай чегара ҳужуми, дрон зарбаси ёки Покистонда юзага келадиган “террорчилик ҳодисаси” бўлса, ҳаракатлар яна кучайтирилишини билдирди.
Бунга жавобан, Толибон ҳам операцияларни вақтинча тўхтатишини эълон қилди. Толибон вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид, Рамазон ҳайити муносабати ва ислом давлатларининг илтимоси билан мудофаа ҳаракатларини тўхтатилаётганини маълум қилди, бироқ ҳар қандай тажовузга жавоб берилишини қўшимча қилди.
Шу вақтгача Покистоннинг Афғонистонга қарши ҳаракатларида 707 киши ҳалок бўлган.
Кобулдаги гиёҳвандликдан тузатиш марказига қилинган ҳужум юзасидан ҳали ҳам баҳслар давом этмоқда. Афғонистон собиқ НАТО ҳарбий базаси бўлган ўн йил олдин реабилитация марказига айлантирилган бинони Покистон атайин нишонга олганини билдирмоқда.
Покистон ҳарбийлари эса ўз баёнотида нишонга олинган объект дронлар, дронларни учириш учун ускуналар сақлаш жойи сифатида ҳам фойдаланилаётганини ва "хабарларга кўра, Совет давридаги SCUD ракеталари ҳам сақланган"ини айтди.






