АсосийСаломатлик

Кондиционердан нотўғри фойдаланиш иммунитетни заифлаштириши мумкин

Жазирама кунларда кондиционер кўпчилик учун нажотдек туюлади. Бироқ аксарият кишилар уни ишлатишдан эҳтиёт бўлади — айниқса шамоллашдан қўрқади.

'Кондиционердан нотўғри фойдаланиш иммунитетни заифлаштириши мумкин'ning rasmi

Тиббиёт фанлари номзоди, шифокор Светлана Бурнатскаянинг таъкидлашича, бу эҳтиёткорлик бекор эмас. У кондиционердан нотўғри фойдаланиш орқали иммунитет сусайиши ва инфекцияларга мойиллик ортадиганини маълум қилди.

Иммунитет нега заифлашади?


Шамоллаш — бу оддий сўз билан айтилганда, вируслар ва бактериялар сабаб бўладиган ўткир респиратор вирусли инфекция (ЎРВИ)дир. Кондиционер ҳавони кучли қуритиши натижасида шиллиқ пардаларнинг табиий намлиги йўқолади, бу эса организмнинг ташқи инфекцияларга қарши ҳимоя механизмларини сусайтиради.

Шунингдек, кондиционернинг ҳаво оқими тўғридан-тўғри инсон танасига қаратилса, бу совуқ қотиш, миозит (мушак яллиғланиши) ёки невралгияга (асаб оғриғи) олиб келиши мумкин. Агар кондиционер филтрлари ўз вақтида тозаланмаса, улар орқали чанг, аллерген ва ҳатто бактериялар тарқалади. Ёпиқ хоналарда шамоллатишсиз ишлатилса, бу димлик ва ҳаво сифатининг ёмонлашишига олиб келади. Шу билан бирга, хона ва ташқи муҳит ўртасидаги ҳарорат фарқи 7–10 даражадан ошса, бу иммунитет учун стрессга айланади.

Қандай ҳолларда хавф юқори бўлади?

Мутахассис сурункали касалликлари борлар, зарарли одатларга эга инсонлар, уйқусизлик ва доимий стрессга дучор бўладиганлар, аллергиклар ва ЎРВИга мойил шахсларда кондиционернинг зарари янада кучли бўлишини таъкидлади.

Қандай фойдаланиш хавфсиз?

Шифокор кондиционердан фойдаланишда қуйидаги тавсияларга амал қилишни маслаҳат беради:

Хонани 22–25°C даражада совитиш,

Кўчадаги ҳароратдан фарқ 7–10°C дан ошмаслиги,

Ҳаво оқимини тўғридан-тўғри одамга эмас, юқорига ёки ёнбошга йўналтириш,

Намликни сақлаш учун ҳаво намлагичлардан фойдаланиш,

Филтрларни мунтазам ювиб тозалаш ва техник хизмат кўрсатиш,

Кондиционерни олдиндан, ўртача қувватда ёқиб қўйиш,

Ҳонада мажбурий шамоллатишни унутмаслик.

Агар шамоллаб қолсангиз...


Агар кондиционердан фойдаланиш ортидан шамоллаш белгилари (бурун оқиши, йўтал, бўғин оғриғи, иситма) пайдо бўлса, шифокор шундай чораларни тавсия қилади:

Кўп миқдорда сув ичиш,

Бурунни ювиш,

Иситма туширувчи воситалардан фойдаланиш.

Агар ҳолат 3–4 кун давом этса, тана ҳарорати 38,5°C дан юқори бўлиб, икки кундан зиёд турса, бош оғриғи, мушак симиллаши, ҳансираш, кўкрак оғриғи ёки йирингли чиқиндилар кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш зарур.

    Бошқа янгиликлар