Бош консулхона барча юртдошларимизни вояга етмаган фарзандларининг тақдирига бефарқ бўлмасликка, уларнинг хавфсизлиги ва ҳуқуқий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратишга чақиради.
Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасининг хабар беришича, фуқаро Т.О.нинг онаси 2015 йилда ишлаш мақсадида Туркияга келган ва Истанбул шаҳрига жойлашган. Унинг онаси Туркия фуқароси билан танишиб, шаръий никоҳ асосида турмуш қурган ва унинг уйида яшашни бошлаган.
Афсуски, мазкур "ота" вояга етмаган юртдошимизга нисбатан жинсий тажовуз қилган. Шу сабабли, 2017 йилда Т.О. Истанбулдаги болалар уйига жойлаштирилган.
Жорий йил февраль ойида Т.О.нинг опаси судга қилган мурожаати асосида у болалар уйидан озод қилинган. Аммо Т.О.нинг опаси кейинчалик Туркия полициясига куч ишлатгани учун қамоққа тушган ва вояга етмаган фуқаро яна қаровсиз қолган.
Бош консулхона "Елкадош" ва "Ўзбек хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш" жамиятилари билан ҳамкорликда мазкур фуқаронинг Ўзбекистонга қайтарилишини ва уни қонуний вакилларига топширилишини ташкил этди.