Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг Эронга ҳужумлари юзасидан хавотир билдирди.
Вазирлик барча томонларни тўлиқ вазминликка, ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатишга ва низони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этишга чақирмоқда. Шунингдек, можаронинг кескинлик даражасини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларга кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.
“Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги инсонларнинг ҳалокатига ва Яқин Шарқда вазиятнинг кескинлашувига олиб келган Исроилнинг Эрон Ислом Республикасига қарши ҳарбий амалиёти юзасидан чуқур хавотир билдиради.
Барча томонларни тўлиқ вазминликка, ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатишга ва низони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этишга чақирамиз.
Кенг кўламли тўқнашувга олиб келиши мумкин бўлган жиддий вазиятнинг янада кескинлашуви хавотир уйғотмоқда.
Ўзбекистон минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди ва можаронинг кескинлик даражасини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларга кўмаклашишга тайёрлигини билдиради”, дейилади муносабатда.