Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди томонидан мазкур фуқаро Жиноят Кодексининг 28,246-моддасининг 1- ва 2-қисмларида ҳамда 25,273-моддасининг 5-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Қайд этилишича, 2024 йилнинг 12 ноябрь куни Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Наманган вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда, Поп тумани ҳудудида ҳаракатланаётган “Ласетти” русумли автомашина тўхтатилди.
Автомашина холислар иштирокида текширилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган, Фарғона вилоятининг Данғара туманида яшовчи, 1984 й.т. фуқарога тегишли юк сумкасида 3 кг. 887 гр. “опий” ва 9 кг. 839 гр. “гашиш” моддалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, у Тожикистон Республикаси фуқароси билан ўзаро тил бириктириб, қўшни давлатдан гиёҳвандлик воситаларини контрабанда қилиш ҳамда сотиб, мўмай даромад топишни режа қилганлиги ва ушбу заҳри қотилни Тошкент вилоятининг Бўка туманида қабул қилиб олганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида тезкор-тергов тадбирлари давом эттирилиб, 2024 йилнинг август-сентябрь ойларида тожикистонлик наркосавдогар томонидан Бўка тумани ҳудудига етказиб берилган ва мазкур шахс қабул қилиб олиб, Данғара туманида жойлашган ўзига тегишли ер участкасига яшириб қўйган 1 кг. 902 гр. “опий” ва 857 гр. “гашиш” моддалари ҳамда 1 дона “Макаров” пистолети, 2 дона ўқдон ва 18 дона патрон ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.