АсосийДунё

Мадридда собиқ украиналик сиёсатчи отиб ўлдирилди

Гувоҳларнинг айтишича, икки нафар шахс мотоциклда келиб, Портновга беш маротаба ўқ узган.

'Мадридда собиқ украиналик сиёсатчи отиб ўлдирилди'ning rasmi

Украиналик собиқ сиёсатчи Андрей Портнов 21 май куни эрталаб соат 09:15 да, фарзандларини мактабга олиб келганидан сўнг ўзининг “Мерcедес” машинасига ўтиришга чоғланган пайтда отиб ўлдирилди.

Гувоҳларнинг айтишича, икки нафар шахс мотоциклда келиб, Портновга беш маротаба ўқ узган. Уч ўқ унинг орқасига, бири бўйнига, яна бири эса бошига теккан.

Ҳодиса пойтахт Мадриддаги энг нуфузли ва қиммат мактаблардан бири — Америка коллежи олдида рўй берди. Бу мактабда ўқиш нархи йилига 23 минг евродан ошади.

Испан полицияси воқеани сиёсий суиқасд ёки жиноят олами билан боғлиқ қарздорлик билан изоҳлаш эҳтимолини ўрганмоқда. Портновнинг мафиявий гуруҳлар билан алоқаси бўлган бўлиши мумкин, деган тахминлар мавжуд.

Портнов ким эди?

1973 йилда Луганскда туғилган Андрей Портнов — ҳуқуқшунос. У 2006 йилда Юлия Тимошенко блоки орқали Украина парламентига сайланган. Кейинчалик Виктор Янукович жамоасига ўтиб, президент маъмуриятида раҳбар ўринбосари лавозимини эгаллаган.

2014 йилда Украинани тарк этиб, Москвада ва Венада яшаган. Унга қарши давлат мулкини талон-торож қилиш бўйича жиноят иши очилган. 2019 йилда Украинага қайтиб, собиқ президент Петро Порошенкога қарши қатор аризалар топширган. 2022 йил Россиянинг босқинидан кейин яна Ғарбга кўчиб кетган.

    Бошқа янгиликлар