АсосийЖамият

Тошкент вилоятида икки кишини АҚШга юборишини айтиб, улардан 38 минг доллар талаб қилган шахс ушланди

Республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам шундай жиноят билан бир неча шахс ушланган.

'Тошкент вилоятида икки кишини АҚШга юборишини айтиб, улардан 38 минг доллар талаб қилган шахс ушланди'ning rasmi

Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) вилоятлар бўйича бошқармалари томонидан прокуратура, ички ишлар ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирларда АҚШга ишга юборишни ваъда қилиб фуқаролардан катта миқдорда пул олган бир нечта шахс ушланди. Бу ҳақда ДХХ хабар қилди.

ДХХнинг Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан Тошкент вилоятида ўтказилган тадбирда Тошкент шаҳрида яшовчи, 1995 йилда туғилган шахс Ширин шаҳрида яшовчи икки нафар фуқаронинг ишончига кирган. Улар орқали АҚШга юбориш, виза ва ҳужжатларни расмийлаштиришни ваъда қилиб, 38 минг АҚШ доллари талаб қилган ва олдиндан 52 миллион сўм олганида қўлга олинган.

ДХХнинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Самарқанд туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган шахс Навоий шаҳрида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, уни "Туркия-Европа-Мексика" йўналиши орқали АҚШга юборишни ваъда қилган. У бунинг эвазига 28 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 14 минг доллар олаётганида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Шунингдек, ДХХнинг Жиззах вилояти бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Тошкент шаҳрида яшовчи, 2000 йилда туғилган, фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлари учун бир неча марта судланган шахс Шароф Рашидов туманида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, уни АҚШга юбориш ва виза ҳужжатларини расмийлаштириш эвазига 35 минг АҚШ доллари талаб қилган. У олдиндан 10 минг долларни учинчи шахс орқали олаётганида ушланди.

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида аниқланган ҳолатда эса Тошкент вилояти, Янгийўл туманида яшовчи, 2000 йилда туғилган шахс маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, уни "Туркия-Испания-Мексика" йўналиши орқали АҚШга юборишни ваъда қилган. Бунинг эвазига 15 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 5 минг АҚШ доллари ва 26 миллион сўм олаётганида ушланган.

Мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар