Туркиянинг Измир шаҳрида Ўзбекистон фуқароси бўлган 22 ёшли Севдора Ҳакимжонова кўп қаватли турар жой биносининг тўртинчи қаватидан тушиб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маълум қилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, Намангандан бўлган аёл Измирда яшаб келаётган вақтда мазкур ҳодиса юз берган. Ҳозирда у давлат шифохонасида даволанмоқда бўлиб, шифокорлар унинг аҳволини оғир деб баҳоламоқда.
Аниқланишича, у Туркия фуқароси билан имом никоҳи асосида турмуш қурган, аммо никоҳ расмий равишда қайд этилмаган. Никоҳ маросими Наманган вилоятининг Чуст туманида ўтказилгани айтилмоқда. Кейинчалик улар Измирга келиб, эркакнинг яқин қариндошлари билан бир хонадонда яшаб келган.
Маълум қилинишича, турмуш ўртоғи ҳам Севдора Ҳакимжонова каби эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахс ҳисобланади.
Ҳодиса юзасидан Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан жиноий иш қўзғатилиб, барча ҳолатлар юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тўпланган материаллар прокуратура томонидан кўриб чиқилмоқда.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси вазият назоратга олинганини, аёлнинг саломатлиги ва тергов жараёнлари бўйича турк томони билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилаётганини маълум қилди.






