Навоий вилояти Нурота туманида 14 нафар болани олиб кетаётган Матиз иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. ЙҲХХ хабарига кўра, автоҳалокат оқибатида автомобилни бошқариб кетаётган оилавий боғча раҳбари шифохонада вафот этган.
Маълум қилинишича, ҳодиса 5-май куни эрталаб юз берган. Нурота туманидаги оилавий боғчалардан бирига раҳбарлик қилган 34 ёшли аёл 13 нафар тарбияланувчи ҳамда ўзининг 3 ойлик чақалоғини Матиз автомобилида боғчага олиб кетаётган бўлган.
Ҳодиса “Янги ҳаёт” МФЙ ҳудудидан ўтувчи йўлининг 8–9-километрлари оралиғида юз берган. 1992-йилда туғилган Г.Қ. тегишли ҳужжатларсиз Матиз автомобилини бошқариб кетаётиб, тажрибасизлиги ва чалғиши оқибатида рул бошқарувини йўқотган. Оқибатда автомобил йўлнинг чап томонига чиқиб кетиб, ағдарилган.
Ҳодиса оқибатида аёл вафот этган, автомобилдаги болалар эса турли даражадаги тан жароҳатларини олган. Ҳозирда бир нафар боланинг аҳволи оғир бўлиб, кома ҳолатида экани айтилмоқда. Яна 8 нафар бола вилоят марказидаги шифохонага олиб кетилган.
Kun.uz манбасига кўра, болаларни ташиган эр-хотин йиллар давомида автомобилни ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқариб келган. Болалар мунтазам равишда шу тарзда уйдан боғчага ва боғчадан уйга олиб борилган. Ота-оналар ҳам бу ҳолатга эътироз билдирмагани айтилган.






