Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган Толибон мамлакатнинг шимолий ҳудудларида нефть қазиб олиш ишларини фаол равишда давом эттирмоқда. Хусусан, Жаўзжон вилоятида жойлашган Амударё ҳавзасида яна бешта янги қудуқ ишга туширилди.
Толибоннинг Маъданлар ва нефть вазирлиги маълумотига кўра, мазкур қудуқлардан нефть қазиб олиш ишлари расман бошланган. Лойиҳанинг очилиш маросими душанба куни бўлиб ўтган бўлиб, унда Толибон бош вазири ўринбосари Абдул Ғани Барадар ҳам иштирок этган.
Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, янги қудуқлар ҳар куни тахминан 500 куб метр нефть ишлаб чиқариши кутилмоқда. Бу эса мамлакат иқтисодиёти учун муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Амударё нефть-газ ҳавзаси Афғонистоннинг бир нечта шимолий вилоятларини қамраб олган йирик ресурс ҳудуди ҳисобланади. Толибон ҳокимиятга қайтганидан сўнг, ушбу минтақада табиий бойликларни ўзлаштириш ва нефть қазиб олиш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кузатувчиларнинг фикрича, нефть қазиб олиш лойиҳаларининг кенгайиши Афғонистон иқтисодиётини тиклашга хизмат қилиши мумкин. Шу билан бирга, халқаро ҳамжамият ушбу жараёнларни диққат билан кузатиб бормоқда.






