Тошкент шаҳри туманларидан биридаги электр тармоқлари корхонасида ишловчи икки нафар муҳандис тижорат банки филиали биносида ўрнатилган электр ҳисоблагич нотўғри схема асосида тармоққа улангани сабаб электр энергияси ҳисоб-китобида хатолик юзага келгани бўйича далолатнома расмийлаштирган.
Маълум қилинишича, улар ҳисоблагични тармоққа улаган МЧЖ раҳбаридан мазкур далолатнома бўйича ҳисобланган 400 млн сўм жаримани 65 млн сўмга камайтириб бериш эвазига 8 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида муҳандислар пул маблағини учинчи шахс орқали олмоқчи бўлган пайтда ушланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






