Қозоғистон Ўзбекистонга нефть етказиб бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Остона шаҳрида ўтаётган REC 2026 форуми доирасида мамлакат энергетика вазири Ерлан Аккенженов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро қўллаб-қувватлаш ва тажриба алмашишга асосланиб, амалий масалаларни ҳал этишга хизмат қилмоқда. Вазир Ўзбекистон билан нефть-кимё ва қайта ишлаш соҳаларида қатор йирик лойиҳалар муҳокама қилинаётганини таъкидлади.
Шунингдек, яқинда Қозоғистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида нефть-кимё саноатини ривожлантириш ва нефтни қайта ишлаш ҳажмини оширишга қаратилган ташаббуслар кўриб чиқилган.
Аккенженовнинг қайд этишича, энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан ресурслар транзити ва етказиб бериш масалалари ҳам муҳокама қилинмоқда. Хусусан, Россия газини Ўзбекистонга транзит қилиш ва Россия нефтини етказиб бериш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Вазир айрим лойиҳалар аллақачон амалий босқичга ўтганини айтди. Унинг таъкидлашича, ўзбек ҳамкорлар билан яқин ва самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Маълумот учун, REC 2026 форуми доирасида иқлим ўзгариши, сув ресурсларини бошқариш ва барқарор ривожланиш масалалари муҳокама қилинмоқда.






