Дунёда ҳар йили 840 мингдан ортиқ киши ишдаги психосотсиал хавф-хатарлар оқибатида вафот этмоқда. Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоботига кўра, бунга асосан узоқ иш соатлари, иш жойидаги босим ва хавфсизлик муаммолари сабаб бўлади.
Мутахассислар ишдаги стресс юрак-қон томир касалликлари ва руҳий бузилишларни келтириб чиқаришини, ҳатто айрим ҳолатларда ўз жонига қасд қилишгача олиб боришини таъкидламоқда. Ҳисоботда қайд этилишича, ҳар йили миллионлаб соғлом ҳаёт йиллари йўқотилмоқда, бу эса жаҳон иқтисодиётига ҳам сезиларли зарар етказмоқда.
Энг кўп учрайдиган оқибатлар — депрессия, хавотир, уйқу бузилиши ва сурункали чарчоқ. Шу билан бирга, зарарли одатлар ва камҳаракат турмуш тарзи ҳам вазиятни янада оғирлаштирмоқда.






