Қайд этилишича, марказ музейи “Ислом оламидаги энг катта музей” сифатида тан олинган. Иншоот Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида 10 гектар майдонда барпо этилган. Бино уч қаватдан иборат бўлиб, узунлиги 161 метр, эни 118 метрни ташкил этади. Гумбазининг баландлиги 65 метр, умумий фойдаланиш майдони эса 42 минг квадрат метрдан зиёд.
Марказ қадимий ва миллий меъморчилик анъаналари асосида қурилган бўлиб, унга тўрт томондан асосий порталлар орқали кириш мумкин. Порталлар ва ташқи равоқлар илм-маърифат, бағрикенглик, инсонийлик ва ота-онага ҳурмат мазмунидаги Қуръон оятлари ҳамда ҳадислар билан безатилган. Биринчи қаватда қарийб 8 минг 350 квадрат метрлик кўргазма залига эга музей ва 550 ўринли анжуманлар зали жойлашган.
Иккинчи қаватда қўлёзма ва тошбосма манбалар, босма ва электрон адабиётлар фондига эга кутубхона, ўқув заллари, шунингдек халқаро ташкилотлар ва илмий муассасалар учун шароит яратилган. Гумбаз остида махсус мэппинг голограммаси ўрнатилган бўлиб, унда коинот тасвири ва юлдузлар композицияси намоён этилади. Бу композиция Тошкент осмонида тунда кўринадиган юлдузлар харитаси асосида шакллантирилган бўлиб, уни яратишда 90 дона “Сваровски” тоши ва 650 дан ортиқ чироқлардан фойдаланилган.
Марказда Усмон Мусҳафи билан бир қаторда Ўзбекистонга тегишли, турли сулолалар даврида яратилган 114 та нодир Қуръон қўлёзмалари жамланган. Улар орасида сомонийлар, қорахонийлар, ғазнавийлар, темурийлар, шайбонийлар ва бошқа даврларга мансуб нусхалар мавжуд.
Марказ Франциянинг Авиценна мукофотига сазовор бўлган, шунингдек АҚШдаги “Smithsonian Magazine” талқинига кўра 2026 йилда дунёда энг катта қизиқиш билан кутилган 10 та музейдан бири сифатида эътироф этилган. “Condé Nast Traveler” нашри уни 2026 йил июнь ойида ташриф буюриш мумкин бўлган музейлар рўйхатига киритган, BBC Travel эса дунёдаги энг кўп кутилган музейлар қаторига қўшган.






