Уч кунлик анжуман жаҳоннинг 20 дан ортиқ мамлакатидан келган 300 нафардан зиёд олимлар, экспертлар, дипломатлар ва жамоатчилик вакилларини бирлаштириб, Темурийлар даври меросини чуқур ўрганиш ва унинг жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги ўрнини муҳокама қилиш учун муҳим майдонга айланди.
Анжуман доирасида иштирокчилар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, бу ерда ташкил этилган мавзули кўргазмалар билан танишдилар. Шунингдек, “Амир Темур ва Донна Мария” бадиий фильмининг намойиши бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида хорижий меҳмонлар марказ фаолияти ва кўргазмалар ҳақида ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар.
— “Бу ерда бўлишдан жуда хурсандман. Марказнинг кўлами ва аҳамияти ҳақиқатдан ҳам лол қолдиради. Бу ерда Ислом ва жаҳон цивилизацияси ривожига асос бўлган бой тарих жамланган. Бундай марказлар нафақат ўтмишни ёритади, балки келажак учун ҳам муҳим аҳамиятга эга,” - деди Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази раиси Фархан Низами.
У, айниқса, Ренессанс даврларига бағишланган экспозициялар ва буюк алломалар мероси унда чуқур таассурот қолдирганини таъкидлади:
— “Хоразмий ва Фарғоний каби олимларнинг илмий ишлари инсоният тараққиёти учун пойдевор бўлган. Агар улар бўлмаганда, бугунги замонавий ютуқлар ҳам бўлмас эди,” — деди у.
Буюк Британиядан келган иштирокчи Сибория Салихов ҳам марказ ва фильм ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди:
— “Бу менинг музей тўлиқ ишга тушганидан кейинги биринчи ташрифим. Кўрганларимиз жуда таъсирли. Айниқса, Қуръон залидаги намойиш ва бугунги фильм катта таассурот қолдирди. Бу масканга албатта яна келамиз” — деди у.
Унинг таъкидлашича, бундай маданий ва илмий тадбирлар турли цивилизациялар ўртасида мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади:
— “Бу каби марказлар ва анжуманлар умуминсоний қадриятларни англашга хизмат қилади,” — дея қўшимча қилди у.
Анжуман доирасида намойиш этилган “Амир Темур ва Донна Мария” фильми ҳам иштирокчилар томонидан илиқ кутиб олинди. Унда Соҳибқироннинг инсоний фазилатлари ва тарихий шахс сифатидаги ўрни замонавий бадиий талқинда ёритилгани алоҳида эътироф этилди.
Халқаро анжуман давомида Темурийлар даврининг давлат бошқаруви, илм-фан, маданият, меъморчилик ва дипломатия соҳаларидаги ютуқлари юзасидан илмий муҳокамалар давом этмоқда.
Мазкур анжуман Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини жаҳон ҳамжамиятига кенг тарғиб этиш, халқаро илмий мулоқотни ривожлантириш ва цивилизациялар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.













