Қозоғистонда уч кунлик янги туғилган чақалоқни сотишга уринган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Туркистон вилоятида яшовчи 23 ёшли аёл ўзининг янги туғилган қизини 800 минг тенгега сотмоқчи бўлган. У ҳомиладорликнинг сўнгги босқичидаёқ ижтимоий тармоқлар орқали харидор излаган.
Полиция ходимлари жиноят ниятини ҳужжатлаштиргач, чақалоқни пул эвазига топшириш вақтида махсус операция ўтказиб, гумондорни қўлга олган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Аёл вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Янги туғилган қизалоқ шифокорлар назоратига олинган бўлиб, унинг ҳаёти ва соғлиғида ҳеч қандай хавф йўқ.






